Ўқитувчи аудиторияга кетмон ёки ўроқ билан кирмайди
Педагогик маҳоратнинг ўзаги билим бўлса, ўзани уни етказиш қобилиятидир.
Президент Шавкат Мирзиёев 30 сентябрь куни Абдулла Авлоний номидаги педагогик маҳорат миллий институтига ташриф буюриб, янгиланган шароитлар билан танишди, Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан давлат мукофотларини топширди ҳамда соҳа вакиллари билан таълимда амалга оширилаётган ишлар, келгусидаги устувор вазифалар юзасидан мулоқот ўтказди.
Тараққиётнинг кафолати таълимга асосланганини ривожланган мамлакатларнинг равнақ топганлигига боис ҳам шу бўлганлигини тизимнинг ўзи кўрсатиб турибди.
Муҳтарам Президентимиз раҳбарлигида олиб борилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти мамлакатимиз тараққиётининг муҳим мезони ёшлар сиёсатининг пойдевори – бошланғич ва умумий таълим билан чамбарчас боғлиқдир.
Тадбирда давлатимиз раҳбари қайта-қайта эътироф этганларидек, энг асосий масала – таълим сифати. Чунки, олдин қайд этганидек, «Таълим сифатини ошириш Янги Ўзбекистон тараққиётининг яккаю ягона ва энг тўғри йўлидир».
Ана шу мақсад ва ҳаракатнинг узвий давоми сифатида иккита асосни келтириш жоиз. Бири Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 21 июнда қабул қилинган мактабгача ва мактаб таълими ташкилотлари ходимларини узлуксиз касбий ривожлантиришга доир қарори бўлса, иккинчиси шу соҳадаги институтни Абдулла Авлоний номидаги педагогик маҳорат миллий институтига айлантирилганидир.
Бу борада институтнинг тубдан янгилангани, тингловчилар ўрни ҳам, йўналишлар ҳам кўпайгани, муассасада малака ошириш ва қайта тайёрлашнинг анъанавий, муқобил ҳамда дуал шакллари, шу жумладан, сунъий интеллект технологиялари асосида ўқитиш жорий этилгани, узлуксиз касбий таълим, менежерлик ўқув курслари, педагогларни аттестациядан ўтказиш ва малака тоифасини бериш, мактабгача ва мактаб таълимини бошқариш каби дастурий платформалар жорий этилгани эътиборга моликдир.
Президентимиз янги қулайлик ва имкониятлар билан танишаркан, жумладан шундай деди: «Бу институт кутиб ўтирувчи эмас, тарғиботчи, етакчи бўлиши керак. Ҳудудлардаги ўқитувчи ва директорларни кўпроқ таклиф этиб, барча мактабларда сифатни ошириш зарур. Янги замон кишиси, келажагимиз бунёдкорлари мактабда тарбияланади. Таълимсиз келажак йўқ».
Демак, ҳамма гап маҳоратда, моҳирликда, сифатни ошириш, самарага эришиш. Хўш, бунинг асоси нимада?
Педагогик маҳоратнинг, педагогик таълимнинг иккита таянчи бор. Бири етук билим бўлса, иккинчиси шу билимни етказиш.
Ўз фанимиз бўйича кенгқамровли, етук билимга эга бўлсак, ахборот компьютер технологияларини обдон ўзлаштирган бўлсак, ҳатто бир неча хорижий тилни билсак ҳам ҳали бу сифатли таълим дегани эмас. Олинган билим, ўзлаштирилган кўникма, ҳосил қилинган кўникмани ўқувчи, талабанинг онгига сингдириш механизми - педагогнинг коммуникатив-лингвистик компетенцияси, нутқий маҳорати зарур.
Ўқитувчи аудиторияга кетмон, ўроқ ёки болға билан кирмайди, у билими ва нутқи билан киради. Шундай экан, нотиқлик санъати, лингвистик компетенция педагогик маҳоратнинг, аниқроғи, сифатли таълимнинг муҳим бўғини ҳисобланади.
Тасаввур қилинг. Ош тайёрлаш мақсадида бир кишини ёллаб бозорга бориб асл деҳқон етиштирган масаллиқлардан олиб келишни буюрсангиз. У бу юмушни бажарса-ю, тайёрланган ош хом хатала бўлса, ким айбдор? Албатта, ошпазда. Чунки ошпазда ош тайёрлаш компетентлиги етарли эмас. Шунга монанд ҳолда айтиш мумкинки, ўқитувчининг компетентлик даражаси етарли бўлмаса, сифатли таълим ҳақида гап бўлмайди. Таъбир жоиз бўлса, таом масаллиқлари у ўқув қўлланмаси ва дарсликлар. Қўлида ҳайдовчилик гувоҳномаси бор бўлган ҳамма ҳам тажрибали ҳайдовчи бўлавермагани каби ўқитувчиларнинг барчасида ҳам компетентлик юқори эмас.
Таълим сифатини ошириш мақсадида талаба ёшларга дарс ўтаётган ўқитувчиларнинг педагогик маҳоратини аниқлаш юзасидан ижтимоий-таълимий сўровнома ўтказилганида 71,3 фоизида нутқий компетенция, нотиқлик маҳорати ва фаол мулоқот қилиш маҳорати етишмас экан.
Аксарият талаба ёшларнинг жавоби бир хил: Устознинг билими бор, китоби бор лекин жалб этиш, қизиқтириш маҳорати етишмайди, адабий тилда равон гапира олмайди. Ушбу талаблар бўйича ўқитувчининг нотиқлик маҳорати ва коммуникатив компетентлик даражасини белгилаш топширилганди.
- Ўз фани ва маърузасига аудиторияни қизиқтира олиши;
- Нутқ маданияти ва нотиқлик санъатига амал қилиш сирлари;
- Аудитория диққатини жалб эта олиши, етказиш лаёқати ва технологиялари;
- Ўз фанини севиши ва билиш даражаси;
- Адабий тил меъёрларига риоя этиши;
- Талаффуз қоидалари ва нутқининг теран ҳамда равонлиги;
- Ўзини эркин тутиши, овоз тембри, баланд-пастлиги ва эмоционаллик;
- Мулоқот этикети ва юксак муомала маданиятига амал қилиши;
- Кийиниш маданияти;
- Бош маърузадами, ё маъруза бошдами?
Ўқувчини қизиқтира олмаган ўқитувчининг ҳам қизиғи йўқ. Чунки ўқитувчи талаба ёшларни қизиқтира олмас экан, демак эргаштира олмайди, мотивация ҳам бера олмайди.
Чучвара ейишдан мақсад гўшт ейиш, аслида. Биз уни хамирга ўраб бежирим қилиб тортиқ қиламиз. Шундай экан, педагог ҳам фан мавзусини ҳаёт билан боғлаган ҳолда, қизиқарли тарзда, таъсирчан етказиш йўлларини обдон ўйлаши ва нутқи равон бўлиши керак. Акс ҳолда, сизни қабул қиладиган талаба ёшлар сафи камайса камаядики, кўпаймайди.
Эмишки, бир домла зерикарли, ҳиссиз, туссиз маъруза қилиб бўлгач, кимда қандай савол бер дейиши ҳамоноқ, шошқалоқ талабалардан бири ўрнидан туриб савол йўқ, тилагим, бор, дебди.
— Сизга катта раҳмат устоз?
— Болам 30 йилдан бери шу «раҳмат»ни кутиб дарс бераман, ҳеч кимдан эшитмагандим. Нима учун раҳмат дединг деса, ўқувчи шундай деб жавоб берибди:
«Устоз, шундай бир ёқимли монотонний маъруза ўқидингиз онамнинг алласи ҳам мени бу даражада маза қилиб ухлата олмаса керак».
Бу кулгили. Лекин аслида, бу фожиа. Ҳиссиз калом айтгандан кўра, тузсиз таом едирган афзал. Буюк нотиқ Цицерон эътироф этганидай, «Қалб ҳарорати билан суғорилмаган эҳтироссиз нутқ ҳеч нима, нотиқ эса ҳеч кимдир».
«Нотиқлик санъати академияси» таълим муассасамизда 20 соатлик дастур ишлаб чиқилган. Назарий маълумот ва амалий машғулотнинг уйғунлигида тайёрланган бу дастурни тўлиқ ўтиш, ўзлаштириш керак. Аксарият таълим муасссаларида, малака оширишда бир ёки икки жуфтлик «Нутқ маданияти ва нотиқлик санъати» дарси қўйилади. Шу билан ўтилди ҳисобига ўтади. Йигирма соатлик дастурни тўла ўтмагунча сиз нотиқлик уммонига кира олмайсиз. Шифокор беморга новакайн ва сепазолинни қўшиб укол қилса эртага битта нимесл ичса индинга яхши бўлиб қолмайдику. Ўрусча айтадиган бўлсак ўн «курс лечение»ни олиши керак. Йўқса, унинг асорати қолади.
Нутқ маданияти ва нотиқлик шунчаки дарс эмас, бу аслида муолажа, касаллик. Бунинг давоси тинимсиз машқ. Унутманг, Ошиқни ишқ тобласа, нотиқни машқ тоблайди. Мен бу ҳақда таълим вазирларининг ҳар бирига мурожаат қилганман. Деярлик ҳали, тизимли иш ва жўяли жавоб ололганим йўқ.
Мамлакатимизда мактабгача ва мактаб таълими ташкилотлари раҳбар, педагог ҳамда мутахассис кадрларини қайта тайёрлаш, малакасини оширишнинг узлуксиз тизими йўлга қўйиларкан, таълим жараёнида тингловчиларнинг лингвистик компетенцияларини, нотиқлик маҳоратини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қилиш зарур.
Зероки, Президентимиз таъбири билан айтганда, «Таълим – соҳалар ичида энг долзарби, мактаб – энг муҳими бўлса, ўқитувчилик касблар орасида энг улуғи» бўлар экан, лингвистик компетентлик ва нотиқлик санъати таълим сифатини оширишнинг муҳим мезони бўлиб қолаверади. Чунки таълим таянчи нутқ бўлса, тарбиянинг калити хулқ. Нутқий ва хулқий маданият ватанпарвар, интеллектуал салоҳиятли баркамол авлоднинг мезонидир.
Таълим сифатини янги босқичга кўтариш бўйича Президент томонидан белгилаб берилган 7 та йўналишнинг моҳият-мазмуни ҳам бевосита педагогик маҳорат, нотиқ-педагогларнинг ўз устида ва сўз устида ишлаши, ўз билимини ошириши билан чамбарчас боғлиқ.
Раҳимбой Жуманиёзов,
«ТИҚХММИ» университети профессори, «Нотиқлик санъати академияси» раҳбари
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter