Путин Нетаняҳудан Эрон бўйича ваъда олди

Архив фото.
Исроил Эроннинг Бушеҳр шаҳридаги атом электростанциясида (АЭС) фаолият юритаётган россиялик мутахассисларга ҳужум қилмасликка ваъда берди. Бу ҳақда Россия президенти Владимир Путин Петербург иқтисодий форуми доирасида ташкил этилган халқаро ахборот агентликлари раҳбарлари билан учрашувда маълум қилди.
“Биз (Эрон ҳукумати билан “Бушеҳр” АЭСнинг) қўшимча икки блокини қуриш бўйича шартнома имзоладик. Ишлар бошланган, бизнинг мутахассислар, яъни 200 дан зиёд киши қурилиш майдонида. Биз Исроил раҳбарияти билан уларнинг хавфсизлиги таъминланиши бўйича келишиб олдик”, – деди Путин.
Маълумот ўрнида: Исроил Эронга ҳужум бошлаган 13 июнь оқшомида Путин Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу билан суҳбатлашган эди.
Путин ахборот агентликлари раҳбарлари билан учрашувда Россия Эрон билан “яхши муносабатлар”га эга экани, Москва Теҳроннинг тинч йўлдаги атом дастурлари бўйича манфаатларини ҳимоя қилишга тайёрлигини қайд этган.
Шунингдек, у қуролли зиддиятни Эроннинг тинч атом дастури ва Исроилнинг хавфсизлигини инобатга олган ҳолда ҳал этиш лозимлигини айтган.
Россия ва Эрон жорий йил январь ойида Стратегик ҳамкорлик тўғрисида шартнома имзолаган эди. Суҳбат давомида AFP агентлиги вакили Карим Талбий ушбу шартномани эслатар экан, Исроил билан урушда Москва Теҳронга янги қуроллар етказиб бериши эҳтимоли ҳақида сўраган. Путин бунга жавобан Стратегик ҳамкорлик тўғрисидаги шартномада мудофаа соҳасига оид ҳамкорлик кўзда тутилмаганини қайд этган.
“Эронлик дўстларимиз биздан бу ҳақда (Исроилга қарши урушда қурол-аслаҳа борасида кўмак назарда тутилмоқда – таҳр.) сўрашмади. Демак, бу масалада муҳокама қиладиган гапнинг ўзи йўқ”, – деган Путин.
Эслатиб ўтамиз, “Бушеҳр” – Яқин Шарқда ишга туширилган илк АЭСдир. Форс кўрфази соҳилида, Эроннинг шу номли шаҳрида жойлашган АЭС қурилиши 1975 йилда Германия билан ҳамкорликда бошланган.
1979 йилда Эронда инқилоб рўй бериб, шоҳ ҳокимияти ағдарилгач, Германия АЭС қурилиши лойиҳасидаги иштирокини тўхтатган. Бу пайтда қурилиш 70 фоизга якунланган эди.
1995 йилда Эрон Россия билан “Бушеҳр” АЭС қурилишини якунлаш ҳақида битим имзолаган. Москва АЭСни 2000 йилда фойдаланишга топширишга ваъда берганига қарамай, АҚШ ва иттифоқчилари босими сабаб иншоотни топшириш яна чўзилган.
АЭС 2012 йилда тўла қувват билан ишлай бошлаган ва 2013 йил сентябрда Эронга расман топширилган. 2015 йил январь ойида Эрон (собиқ) президенти Ҳасан Руҳоний Бушеҳр шаҳрига ташрифи чоғи станциянинг электр ишлаб чиқариш қуввати 3000 мегаваттга етганини маълум қилган эди.
Дарвоқе, Исроил томони куни кеча “Бушеҳр” АЭСга ҳужум уюштиргани ҳақида хабар берди. Кейинроқ Тель-Авив буни “хато” деб атади. Россия ТИВ расмий вакили Мария Захарова Исроилни Атом энергетикаси бўйича агентлик кафолати остидаги иншоотларга зарба беришни зудлик билан тўхтатишга чақирди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter