Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Қачон банкдан нақд доллар сотиб оламиз?

Қачон банкдан нақд доллар сотиб оламиз?

Фото: «Xabar.uz»

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида бўлиб ўтган очиқ мулоқот вақтида Марказий банк мутасаддилари валюта айирбошлаш борасидаги муаммоли саволларга жавоб қайтарди. Бу ҳақда Xabar.uz мухбири томонидан маълумот берилди.

Хусусан, журналистларни нима сабабдан нақд хорижий валютани банкларда сотиб олиш имконияти йўқлиги қизиқтирди.

— Бунақа савол олдин ҳам берилган. Бу ўринда бир жиҳат бор . Эътибор берсангиз, кўп давлатларда, масалан Россияда айнан шу соҳада ортга қайтиш бўлди. Саволга жавоб оддий. Бизда хорижий валюта олиш имкони мавжуд, банкка бормай туриб ҳам конвертация қилиш мумкин. Сиз хорижий валютани картангизга тушириб олишингиз ва кейин бемалол нақдини банкоматлардан ечиб олишингиз мумкин.

Шунингдек кўп банкларда қўшимча карточкалар берилиши йўлга қўйилган. Ундан фойдаланган ҳолда бемалол хорижга чиқиб, картангизда сўмда бўлган пулни хорижий валютада ечиб олиш мумкин.

Тўғри, ҳозир валютани нақд кўринишда олишнинг имкони йўқ. Аммо биз бунга жиддий муаммо деб қарамаяпмиз. Биз яратган имкониятдан аҳоли тўлақонлик фойдаланмоқда. Ҳар ой қарийб 90-100 миллион АҚШ доллари банкоматлардан ечиб олиняпти.

— У ҳолда қора бозор сақланиб қолаётганига сабаб нимада? Нега одамлар банкка бориб, карта очтириб, сўнг пулларини банкоматдан ечиб олишдан кўра қорабозордан нақд ҳолатда сотиб олишни маъқул кўрмоқда?

— Қора бозор сақланиб қолаётганига сабаб ҳамон яширин иқтисод мавжуд. Яъни, четдан мол олиб келаётганларнинг барчаси ҳам тўғри ишламайди, солиқ тўламайди. Табиийки улар валютани қорабозордан олишга ҳаракат қилади. Биз иқтисодимизни соғломлаштира олсак қорабозор муаммоси ҳам ўз-ўзидан ҳал бўлиб кетиши мумкин.

— Кўчадаги «долларфурушлар» фаолиятини легаллаштириш орқали уларни солиқ тўловчиларга айлантириш мумкин эмасми? Айтайлик, ҳозир бозорда яширин фаолият олиб бораётганларга маълум талабларни қўйган ҳолда, уларга лицензия бериш ва кўчаларда кичик валюта айирбошлаш шаҳобчалари очишга рухсат этиш маъқул эмасми?

— Саволлар жуда кўп ва ҳар доим ҳам унга жавоб топа олмаймиз. Кўчаларда будка қўйиб, валюта алмаштириш ҳам бир қатор муаммоларни юзага келтиради — назорат, хавфсизлик ва ҳоказо. Биз бу масалага ҳали келамиз. Албатта буларнинг барчаси гапни қуруқ олиб қочиш, деб ўйлашингиз мумкин. Аммо ҳали бу нарсаларга тайёрмизми ёки йўқ, буни билмаймиз. Энг асосийси хавфсизлик.

Сизга нақд валюта керакми? Марҳамат, карта очтиринг ва банкоматдан ечиб олинг. Нима учун бу саволга қайтаверишимиз керак? — дейди мутасадди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг