Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Россия Эронни огоҳлантирди

Россия Эронни огоҳлантирди

Икки давлат ташқи ишлар вазирлари Сергей Лавров ва Аббос Ароқчи.

Фото: https://mid.ru

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Эронни Халқаро атом энергияси агентлиги (МАГАТЭ) билан ҳамкорликни узмасликка чақирди.

“Биз Эроннинг МАГАТЭ билан ҳамкорлиги давом этишидан манфаатдормиз. Биз барча Эроннинг олий раҳбарини ҳурмат қилишидан манфаатдормиз. У бир неча марта Эронда ядро қуроли йўқлиги ва бўлмаслиги ҳақида баёнот берган”, – деди Сергей Лавров.

Вазир Эронда ядро қуролига эга бўлишни тақиқловчи диний ҳужжат – махсус фатво мавжудлигини ҳам эслатган.

Лавровга кўра, МАГАТЭ Эрон ядро дастури бўйича эълон қилган сўнгги ҳисобот Ғарб давлатлари босими остида қабул қилинган.

Россия бош дипломатининг огоҳлантирувчи баёноти Эрон парламенти томонидан янги ҳужжат қабул қилиниши фонида янграмоқда.

Аввал хабар берганимиздек, Эрон парламенти Теҳроннинг МАГАТЭ билан ҳамкорлигини тўхтатувчи қонун лойиҳасини маъқуллади.

Бу эса Эрон ядро объектларига халқаро агентлик нозирлари кириши тақиқланиши, Теҳрон томонидан ҳисоботлар тақдим этиш тўхтатилишини англатади.

Қайд этиш жоизки, мамлакатнинг МАГАТЭ билан ҳамкорликни тўхтатиши тўғрисидаги қонун лойиҳасини парламент мажлисида қатнашган 223 депутатнинг 221 нафари қўллаб-қувватлаган. Қонун кучга кириши учун Конституцияни муҳофаза этиш ва Хавфсизлик кенгашлари тасдиқлаши керак.  Дастлабки кенгаш бу борада ўз розилигини берган.

“МАГАТЭ Эрон ядро объектларига ҳужумни қораламади ва ўзини обрўсизлантирди”, – деб баёнот берган Эрон парламенти спикери Муҳаммад Бакир Қолибоф.

Эрон мулозимлари мамлакат тинч мақсадда ядро дастурини янада такомиллаштириши ҳақида баёнот берган.

МАГАТЭ раҳбари Рафаэль Гросси эса Эрондан АҚШ бомбардимон қилган объектларни кўздан кечириш учун имкон беришни сўраган. У, шунингдек, Теҳронни “янги инқироз” эҳтимолидан огоҳлантирган.

“Ал-Жазира” чоп этган таҳлилларга кўра, МАГАТЭ Эрон ядро дастурига оид сўнгги ҳисоботи билан тарангликни оширган бўлиши мумкин. Айнан халқаро агентлик ҳисоботи ортидан аввал Исроил, сўнг АҚШ Эрон ядро иншоотларига ҳужум уюштирганди. Ҳисоботда Эрон ядро дастурида халқаро меъёрлар талаби бузилгани қайд этилган.

Кейинроқ, МАГАТЭ раҳбари Р.Гросси Эрон ядро қуролини яратаётганини тасдиқловчи белгилар йўқлигини маълум қилган.

Хабарингиз бор, Қўшма Штатлар 22 июнга ўтар кечаси Эроннинг Фордо, Натанз ва Исфаҳондаги ядровий объектларига зарба берди.

АҚШ мудофаа вазири Пит Ҳегсетга кўра,  Фордо объектига ҳар бирининг оғирлиги 13 тоннадан ортиқ бўлган 12-14 та GBU 57 русумли бункер тешувчи бомбалар ташланган. Натанз ва Исфаҳонга эса сувости кемасидан 30 га яқин Tomahawk ракетаси учирилган.

Президент Трамп ҳаво ҳужумидан сўнг Эрон ядро дастури буткул йўқ қилингани ҳақида баёнот берганди. Сўнгги суриштирувлар эса президентнинг даъволарини рад этади.

Россия ва Эрон жорий йил январь ойида Стратегик ҳамкорлик тўғрисида шартнома имзолаган. Исроил ва АҚШ ҳужуми давомида Москва Теҳронга кўмак кўрсатмагани ҳақида фикрлар янгради. Россия президенти Владимир Путин 19 июнь куни ОАВ вакиллари билан учрашувда AFP агентлиги вакилининг саволига жавобан Эрон Россиядан Исроилга қарши урушда қурол-аслаҳа борасида кўмак сўрамаганини айтган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг