Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Соядаги контрабанда: Фарғона водийси ноқонуний сигаретларга қарши қандай курашмоқда

Соядаги контрабанда: Фарғона водийси ноқонуний сигаретларга қарши қандай курашмоқда

Ўзбекистонда ноқонуний тамаки маҳсулотлари тарқашининг маркази ҳануз Фарғона водийси бўлмоқда. Тошкент давлат иқтисодиёт университети тадқиқотларига кўра, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари саъй-ҳаракатлари туфайли бутун мамлакат бўйича ноқонуний савдо улуши 2023 йилдаги 22% дан 2025 йилда 9% га тушган бир пайтда Фарғона водийсида ноқонуний савдонинг улуши 17% дан ошади. Бу эса, Фарғона водийсида сотиладиган ҳар бешинчи сигарет – ноқонуний, деганидир. Водийда «чемпионлар» сирасига, ҳар доимгидек, Наманган (қарийб 24%), Қўқон (25% дан юқори) ва Марғилон (25% дан юқори) киради.

2024 йилда Фарғона водийсида ноқонуний сигаретлар улуши 35% ни ташкил қилди. Экспертлар баҳолашига кўра, бу 2024 йилда Фарғона водийсида қарийб 700 миллион ноқонуний сигарет сотилганини англатади, бу эса фақат Фарғона водийсидаги ноқонуний савдо сабабли давлат бюджетига тақрибан 250 миллиард сўм миқдорида зиён етказилган, деганидир. Бюджетлараро трансферлар бўйича ахборотга кўра, 2024 йилда Фарғона водийсидаги 3 вилоятнинг ялпи харажатлари даромадлардан 6 триллион сўмга кўп бўлган, улар бюджетлараро трансферлар йўли билан «қопланган». Ваҳоланки, бу тақчиллик ноқонуний савдога қарши курашни фаоллаштириш ҳисобига қисқартирилиши мумкин эди.

Ўзбекистон Республикаси «2025 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги Қонуни 12-моддасига мувофиқ, тамаки маҳсулотига акциз солиғи бўйича тушумлар биринчи марта тўлиқ ҳажмда аҳоли сони улушига мувофиқ ҳудудий бюджетларга ўтказилади. Бу жойлардаги, биринчи навбатда Фарғона водийсидаги ҳудудий ҳокимиятларни ноқонуний сигарет савдосига қарши фаолроқ курашга рағбатлантиради. Чунончи, масалан, мазкур Қонуннинг 7-иловасига мувофиқ, Самарқанд вилояти сигаретга акциз солиғи ҳисобидан 362 миллиард олади, ҳолбуки, Наманган вилоятига атиги 263 миллиард тегади. Бунинг бевосита сабаби – 2024 йилда Самарқанд вилоятида ноқонуний сигаретлар ўртача улуши 12% ни ташкил қилган, Наманганда эса – 34% дан юқори бўлган.

Бундан ташқари – контрабанда ва яширин айланмага қарши етарлича самарали бўлмаган кураш яширин иқтисодиётнинг ўсишига олиб келяпти, шу сабабли барча йўналишларда фаоалроқ ишлаш зарур. Бу контрабанда, мамлакат ичида ноқонуний юк ташиш, ноқонуний маҳсулот сотишнинг олдини олиш бўйича маъмурий чораларга, маърифат ва тарғиботни кучайтириш, контрафакт маҳсулотни оммавий йўқ қилиш ва бошқаларни кўзда тутувчи оммавий-маърифий чораларга тегишли.

Тошкентда ноқонуний тамаки маҳсулотлари савдоси ўсишининг пасайишидан кейин бу йўналишда масъул тузилмаларнинг вилоят бўлинмалари ҳам фаоллашди. Чунончи, Наманганда вилоят ва шаҳар солиқ бошқармалари ходимлари, бозорлар маъмуриятлари вакиллари ва кўнгиллилар иштирокида махсус рейдлар ва шаҳар аҳолисига ахборот флаерларини тарқатиш бўйича акциялар ўтказилди. Материалларда Ўзбекистон давлат бюджети ва фуқаролар саломатлигига тамаки контрабандаси келтираётган жиддий зиён қайд этилган. Шунингдек, аҳолининг назоратдаги иштирокини рағбатлантиришга қаратилган «Солиқ ҳамкори» мобил иловаси ҳақида ҳам ахборот тарқатилган.

Булардан ташқари, қўлга олишларда бир хил сигарет русумлари зикр этилишига ҳам эътибор бериш лозим. Тошкент давлат иқтисодиёт университети экспертлари ўз тадқиқотларида ҳам бу фактни тасдиқлайдилар. Эҳтимол, масъул органлар бунга эътибор қаратишлари керакдир, зеро ишлаб чиқаришга босим кўрсатишнинг учта кучли йўли мавжуд: сертификатлаш, маркировкалаш кодлари ва акциз маркаси.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг