Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Тўрт марта судланган газета

Тўрт марта судланган газета

У ўз фаолиятини атиги икки ой ва бир ҳафта давом эттирган бўлса-да, зиёлилар эътиборини қозониб, ҳукумат ва ақидапараст уламолар, танқидни жини суймайдиган кишилар қувғинига учради. Натижада тўрт марта судга берилиб, мол-мулки мусодара қилинди. У ўзбек матбуотига асос солган Исмоил Обидийнинг «Тараққий» газетаси эди...

Туркистонда дастлабки матбуот нашри чор Русияси босқинчиларининг рус тилида чоп этиладиган «Туркестанские ведомости» газетаси бўлиб, у 1870 йилнинг 28 апрелидан 1917 йилнинг 15 декабригача бўлган фаолияти даврида асосан мустамлакачилар сиёсати ва мафкурасини тарғиб қилган. Айнан ўзбек ва қирғиз тилларида чоп этилган «Туркистон вилоятининг газети» ҳам «Туркестанские ведомости»нинг ўзбекча нусхаси бўлиб, фарқи мустамлакачиларга хизмат қилаётган маҳаллий ижодкорлар томонидан тайёрланиб, нашр этилаётганида эди.

Зеро, тарғибу ташвиқ ҳам мустамлакачилар мафкураси бўйича бўлиб, «...ведомости»дан ўзбекча чиқаётганлиги билан ажралиб турарди.

Чўлпон таъбири билан айтганда, «Туркистон вилоятининг газети» истило этилган генераллар тарафидан нашр этилган, руслиғнинг шавкат ва салтанатини кўҳна мадрасаларнинг тумтароқ тили ила осмонларга чиқарган бир газета эди».

Авлоний эса «...бу газета Туркистон ўзбеклари учун биринчи газета бўлғони каби ерлик халқни разолат, сафолатга бошлағон тарихий бир қора гуруҳ газета... Бу маориф маданиятига душмон бўлғони ҳамда табиий эл орасиға бидъат, хурофот тарқатишқа бор кучи билан киришган ва бу йўлда бир қанча муваффақиятларга учрағон эди», дея жадидлар нуқтаи назаридан «Туркистон вилоятининг газети»га баҳо берганди.

Шундай вазиятда бор ҳақиқатни ёзадиган, миллий кайфиятни ифодалайдиган соф ўзбекча нашрга эҳтиёж туғилаётган эди. Зеро, бу пайтга келиб, Беҳбудий, Авлоний, Чўлпон, Сўфизода ва яна кўплаб қаламкашлар матбуот майдонида қад ростлаб турар, уларнинг «Туркистон вилояти газети»га ёзганлари миссионер Остроумов томонидан «қайчиланиб» чиқарилар, баъзи пайтларда эса чоп ҳам этилмасди.

Буларнинг барини кўриб, сезиб юрган ва ўзбек халқининг қарашларини ифодалайдиган миллий газетага эҳтиёж туғилганини англаган Исмоил Обидий 1906 йил 27 июндан «Тараққий» номли миллий ўзбекча газетага асос солди. Газета Тошкентдаги В.Ильиннинг хусусий босмахонасида босилиб, Ўрта Осиёга тарқатилган.

Абдулла Авлонийнинг 1924 йил 24 июндаги «Туркистон» газетасида ёзган мақоласига кўра, «газета муҳаррири Исмоил Обидийга Тараққий исми берилди. Ҳозиргача халқ Исмоил Обидийнинг исмини Тараққий деб юритадир. Бу газета элнинг энг суюб ўқийдурғон бир газетаси бўла олди. Бу газета ўша замон мусулмон газеталари ичида энг сўли бўлиб, ҳукумат ва унинг маъмурлариға қарши ҳужум очди. Бу газета ерлик ёш ёзувчиларға саҳифасидан кенг ўрин берди. Истибдод ҳукуматининг фавқулодда сақлаш (черезвичайний охран) қўли билан бу газета ўлдирилди. Халқ озиқсиз қолиб, узоқ вақт жимжитлик ҳукм сурди».

Исмоил Обидий 1880 йилда туғилган бўлиб, ҳаёти давомида Шарқий Туркистон, Қозон, Москва, Тошкент шаҳарларида яшаган, татар, ўзбек, араб, форс, уйғур, рус тилларини биладиган ўз даврининг тараққийпарвар зиёлиларидан бўлган. Шунингдек, у нафақат журналист, балки меъмор ва расом, таржимон ҳам эди.

Гарчи «Тараққий»нинг 21 сони нашрдан чиққан бўлса-да, уларда Беҳбудий, Мунаввар Қори, Мулла Саид Аҳмад қизи Нозимахоним, Сўфизода, Шокир Мухторий, Баҳромбек Давлатбоев кабиларнинг миллий руҳдаги халқчил мақолалари чоп этилиб, ўқувчилар ҳурматини қозонди. Рўй бераётган воқеа-ҳодисаларни ҳаққоний ёзгани, чоризм сиёсатини танқид қилгани, жадидларга қарши бўлган консерватизм қарашдаги қадимги уламолар қилмишларини шарманда қилгани сабабли ҳам газета тўрт марта судга берилиб, охири чор ҳукумати томонидан нашр этиш тақиқлаб қўйилди.

Газетада босилган қуйидаги мақола ва хабарлардаги лавҳаларни кузатиб ҳам ўзингиз «Тараққий»нинг тутган йўлини билиб оласиз:

«...дунёға нима учун келгонини билмай илм ва маорифға асло рағбат қилмай жонидин ширин болаларини кўча бакўча кездуруб бечора маъсумни азиз умрини жаҳолат оташина ёндирувчи беаҳамият ва бедиёнат оталар ҳам орамизда оз эмасдур. Кўп диндошларимизни кўрармизки, ўз фарзандларини асло мактабга бермай орқаларидан эргаштириб руслар эшигида ўзлари каби хизматчиликға ўргатуб дунё ва охиратни саодати ўлғон илм ва маорифдин маҳрум қилмоқдин ҳеч бир ибо қилмаслар... Ва бу жаҳолат хоҳишудирки, миллат фойдаси учун жонини қурбон қилмоққа лойиқ арслон каби йигитларимиз бутун миллатни ўйларидан чиқариб истеъдод ва ғайратларини чойхона ва пивохоналарға сарф этмакдадурлар» (газетанинг 1-сонидаги Мунавварқорининг мақоласидан).

«...агар бизларнинг мактабларимиз бошқа миллат мактаблари каби бир низомга қўйилиб яхши муаллимлик вазифасини лавозимча адо қилурлик кишилардин муаллимлар тайин қилинса эди, маъсум авлодларимиз руҳий ҳаётига, дунё ва охиратни саодатиға биринчи сабаб ўладурғон илм ва маорифдин бу даражада маҳрум ўлмагига сабаб ўлмас эдук...» (газетанинг 1-сонидаги мақоладан)

«...Мадрасаларнинг аҳволин кимлар ислоҳ қилурлар, уламолар, қозиларнинг сўзларидан ўтиб, бир иш қилолмасликлари учун бу жаноблардан ислоҳ умид қилмоқ тўқсон ёшлиқ бир қари ғажузадан фарзанд умид этмак қабилидандир» («Тараққий»нинг 9-сонидаги мақоладан).

«Бизни Тошкентда ичкулик ва пивохўрлик чунон шойи бўлдики, бош бекатларимиздан бошлаб, думахона улуғларигача чой ўрнига пиво истеъмол қилурлар. На уламоларимиздан, на ҳукуматларимиздан бир киши йўқки, йигитларимизни ичкулик ичмоқдин ман қилсалар. Давлат думасиға вакил сайламоқ учун аҳоли тарафдин кўзланган улуғ председателларимиз ичкулик ичиб, маст бўлиб, аҳоли орасида беибо кезмакдалар. Ажабо! Бунингдай фасод ахлоқ қандай ноинсофликдирки, аҳолига ваъз насиҳат қилиб, тазйиқ қайтармоқ ва қайтмоғонни уруб, сўкиб тазйиқ бермоқ вазифалари ўлғон ўғлимиз ўзларини обрўйини рус қизлари ила гостиниса золларида барбод этмакдалар. Аллоҳдан қўрқиб, халқдан уёлмаслар» (газетанинг 3-сонидаги мақоладан).

«Рус-япон уруши ва бунинг оқибатида жангга маблағ топмоқнинг энг осон йўли халққа турли солиқлар солиб, ундириб олиш, халқнинг оғир ва машаққатли меҳнати эвазига бунёдга келган озгина маблағни шу йўл билан ундан тортиб олиб, яна халқни дин ва имонга таауллуғи бор афсоналар билан баттар озғуриб, итоат қафасида тутадурлар» (3-сон, 1-бетидаги мақоладан).

«Тараққий»нинг шу тарзда жамиятни ислоҳ қилиш, муаммолар илдизини ахтаришга бўлган уринишлари жадидчилик ҳаракатининг Қримдаги асосчиси Исмоил Гаспиринскийга, татарларнинг Қозондаги буюк шоири Абдулла Тўқайга ҳам етиб борди. Қримда яшаётган буюк маърифатпарвар «Таржимон» газетасининг 1906 йил 69-сонидаги мақоласида газетани ўқиб қувонганини «Туркистонда бундай тараққийпарвар бир газетага кўпдан бери эҳтиёж бор эди», дея баҳолаганди.

Ҳа, «Тараққий» эҳтиёж, зарурат боис дунёга келган эди. Шу боис ҳам қисқа фурсат ичида ҳақиқий маънода қўлма-қўл бўлиб кетди. Айниқса, газетада думадаги депутатларнинг иш жараёнидаги сусткашлик, мадрасаларнинг қолоқлиги, замонавий таълим-тарбиядан узоқлашиб кетганлиги каби долзарб мавзуларда мақолалар берилиши чор мустамлакачиларини чўчитиб қўйди.

Баъзи муттаасиблар ва «Туркистон вилоятининг газети» каби мустамлакачилар мафкурасини ифодаловчи мухбирлар «Тараққий»ни обрўсизлантириш йўлидан бордилар. Хусусан, газета муҳаррири Исмоил Обидий ҳақида, «муҳарирнинг асли исми маълум эмас, имзоси «Саййид Исмоил» эса-да, ўзи «Саййид» бўлмаса керак», деб қочириқлар қилди ва шу хилдаги ғийбатлар билан «Тараққий»ни тўхтатишга ҳаракат қилдилар. Тошкентдаги бундай вазият тўғрисида Исмоил Гаспиринский «Таржимон»нинг 1906 йил 117-сонида мақола ёзиб бу ҳолатни «Номаъқул сўзлар. Шаҳри Тошкандда 38 йилдан бери расмий «Туркистон газети» нашр қилинади. Муҳаррири зиёли ғўспўдин Остроумовдир. Зиёли бир одамнинг қўл остида бўлган газета бошқа муҳаррирлар ҳақида бозор ғийбатларига ўхшар нарсалар ёзмаслиги лозимдир. «Тараққий» муҳаррири саййидми, эмасми, муҳим эмас, ёзганлари муҳимроқ, шунга қараш керак», дея баҳо бериб ўтган, аҳвол яхшиланишига умид қилганди. Афсуски, бундай мутассибона қарашлар, мустамлакачиларнинг тазйиқи натижасида газета ёпилди. Зиё Саиднинг ёзишига кўра, «Тараққий» қора гуруҳ уламолари билан қаттиқ тортишиб, уларнинг халқ орасида обрўларини туширишга ҳаракат қилди. Ора-сира ҳукуматга ҳам тегиб турди. Мазкур «гуноҳлари» учун 20-номерига етганда, чор ҳукумати томонидан мусодара этилиб, муҳаррири қамоққа олинди».

Гарчи шундай булса-да, Исмоил Обидийнинг «Тараққий» газетаси биринчи ўзбек миллий матбуот нашри сифатида тарихда қолди.

Умид Бекмуҳаммад,

тарих фанлари бўйича фалсафа доктори, доцент.

 

 

 

 

 

 

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг