АҚШ генерали: «Россиянинг Марказий Осиёдаги таъсири АҚШ учун ушбу минтақада муаммо туғдиради»

Марказий Осиёда Россия таъсирининг сақланиб қолиши бу минтақада АҚШ учун муаммо яратмоқда. Бу ҳақда сешанба куни АҚШ Қуролли кучлари марказий қўмондонлиги бошлиғи Жозеф Вотел маълум қилди, дея хабар бермоқда ТАСС.
«Россия собиқ Совет иттифоқининг бир қисми бўлган Марказий Осиёда муҳим таъсирга эга. Бу биз учун муаммоларни келтириб чиқаради, чунки Россия босими [бу мамлакатлар билан] ўзаро ҳамкорлик қилиш имкониятларини чеклаб қўйиши ва Москвага қўшимча таъсир кўрсатиш имконини бериши мумкин. Хусусан, Афғонистондаги НАТО кучлари логистика борасида Марказий Осиёдаги ҳамкорларнинг ёрдамига муҳтождир», — деди у АҚШ Конгресси Вакиллар палатасининг Қуролли кучлар бўйича қўмитасида бўлиб ўтган мажлисда.
Вотелнинг сўзларига кўра, «Россия 2014 йилдан буён буфер зонадаги устувор мавқеини тиклаш мақсадида Евросиё интеграциясини кучайтирмоқда».
Унинг сўзларига кўра, АҚШ ҚК марказий қўмондонлиги «Марказий ва Жанубий Осиёда, шу жумладан Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистонда АҚШнинг манфаатларини илгари суради».
«Гарчи Марказий Осиё мамлакатлари АҚШ билан ҳамкорлик қилишга интилаётган бўлса-да, Россия, Хитой ва Эрон бу ҳамкорликка тўсқинлик қилишга ҳаракат қилишмоқда», — деди Вотел.
«Шундай босимга қарамасдан, айрим мамлакатлар ҳукуматлари Афғонистондаги АҚШ қўшинлари учун мўлжалланган юкларни транзит қилишда давом этмоқда ва умумий манфаат йўлида АҚШ билан ҳамкорлик қилмоқдалар». Америка генерали бундай соҳалар қаторида чегара хавфсизлигини таъминлаш, терроризм ва наркотик моддалар савдосига қарши курашни санаб ўтган. Вотел, шунингдек, АҚШ минтақадаги давлатлар билан ҳарбий алоқаларни ривожлантиришда давом этишини қўшимча қилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter