Исроил ва ҲАМАС зиддияти бўйича уч сценарий

Ғазонинг Жабалия шаҳри Исроил бомбардимонидан сўнг.
Исроил ҳамда ҲАМАС ҳаракати ўртасида юзага келган навбатдаги қуролли зиддият Ғазо минтақасидаги бир неча миллион аҳолини танг вазиятга солиб қўйди. Айни пайтда Исроил ҳарбийлари Ғазо ҳудудига қўшин киритишга ҳозирлик кўряпти. Ҳарбий ҳаракатларга Ливандаги «Ҳизбуллоҳ» ҳаракати ва Суриядаги гуруҳлар ҳам қўшилиши эҳтимоли мавжуд. Вазият шу тахлит қалтислашишда давом этса, минтақадаги уруш бутун дунёда акс садо бериши ҳеч гап эмас.
Bloomberg нашри ушбу ихтилофнинг дунё иқтисодиётига таъсири борасида уч сценарийни таҳлил қилиб чиқди.
Биринчи сценарий. Ҳарбий ҳаракатлар Ғазо ҳудуди билан чекланади.
Яқин Шарқ бутун дунёга энергетика ресурслари етказувчи ҳамда муҳим денгиз йўлларини назорат қилувчи минтақа саналади. Бу ердаги нотинчлик жаҳон иқтисодиёти ҳамда энергетика бозорига таъсир этмай қолмайди. Агар қуролли зиддият Фаластин ҳудудидан ташқарига чиқмаса, ихтилофнинг жаҳон иқтисодиётига салбий таъсири у қадар кучли бўлмайди. Биринчидан, АҚШ билан келишув доирасида Эрон бу йил нефть қазиш олиш ҳажмини кунига 700 минг баррелга оширди. Қолаверса, қора олтин бозорида танқислик сезила бошлаган тақдирда Саудия Арабистони, БАА каби давлатлар ишлаб чиқаришни ошириши мумкин. Шунга кўра, АҚШ молия вазири Жанет Йеллен зиддиятнинг ҳозирги босқичида иқтисодиёт учун жиддий оқибатлар кўринмаётганини билдирган.
Аммо зиддият Ғазо билан чекланган тақдирда ҳам, агар араб давлатлари Исроилнинг ҳарбий ҳаракатларига норозилик сифатида энергетика ресурслари ишлаб чиқариш ҳажмини камайтирса, нарх-наво ошиши мумкин. 1973 йилдаги Араб–Исроил уруши ортидан жорий этилган нефть эмбаргоси дунё иқтисодиётига кучли зарба бергани маълум.
Иккинчи сценарий. Зиддиятга Ливандаги «Ҳизбуллоҳ» ҳаракати ва Суриядаги гуруҳлар қўшилади.
Теҳрон қўллаб-қувватлаши айтиладиган гуруҳларнинг жанговар ҳаракатларга қўшилиши амалда Эрон ва Исроил ўртасида прокси уруш юзага келганини англатади. 2006 йилда Исроил ва «Ҳизбуллоҳ» ўртасида уруш кечган вақтда нефть нархи 5 долларга қадар қимматлаган. Агар бу гал ҳам «Ҳизбуллоҳ» урушга қўшилса, нефть нархи 10 фоизга ошиши мумкин. Бу эса иқтисодий ўсиш суръатини камайтириб, дунё миқёсидаги инфляция даражасини сезиларли оширади.
Учинчи сценарий. Исроил ва Эрон бевосита жангга киришади.
Таҳлилчилар ҳозирги вазиятда Эрон раҳбарияти ҳам, яҳудий давлати ҳам тўғридан-тўғри урушга кириш ниятидан йироқ эканини айтмоқда. Аммо Эрон раҳбарияти Исроилнинг Ғазо ҳудудидаги тинч аҳоли вакилларига бомба ёғдираётганини кескин танқид қилиб, қалтис оқибатлардан огоҳлантирмоқда. Воқеалар шиддатли тус олиб, Эрон Исроил билан урушга киргудек бўлса, жаҳон иқтисодиётига турғунликка юз тутиши муқаррар. Тахминларга кўра, у ҳолда нефтнинг бир баррели нархи 150 долларга кўтарилади. Жаҳонда иқтисодий ўсиш кўрсаткичи 1,7 фоизга камаяди, ялпи ишлаб чиқариш камида 1 триллион долларга пасаяди.
Financial Times газетаси ҳам ковид пандемияси, Украина босқини, АҚШ ва Хитой савдо урушидан жабр кўраётган дунё иқтисодиёти Яқин Шарқдаги навбатдаги беқарорликдан янада кучли зиён кўришидан огоҳлантирган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter