Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Кореяда болалар китоб байрамини интиқиб кутишади...

Кореяда болалар китоб байрамини интиқиб кутишади...

фото: интернет, очиқ манба

Жанубий Кореяда бошланғич мактабда кузда китобхонликка оид жуда кўп тадбирлар бўлади. Шундай тадбирлардан бири ҳақида айтиб бермоқчиман. Болалар уни жуда катта хурсандчилик билан кутадилар.

Авалло, бу кун болаларга чинакам байрам каби эълон қилинади. Бу байрамнинг номи «Book market» ёки «Китоб бозори». Оддий эшитилгани билан у болалар учун ўзгача бир маъно беради.

Бу куни болалар нафақат китоб сотадилар ва сотиб оладилар, балки ҳақиқий маркетолог ҳам бўлишлари керак. Ҳар бир болажон уйидан 5 дона китоб олиб келади (янги бўлиши шарт эмас). Бу китобни сотиши учун энг зўр реклама постерини ясайди – 1-2 синф болажонлари!

Сўнг синфхонада столлар бозор шаклига келтирилади ва болажонлар ўз китоб расталарида сотув механизмларини ишга туширадилар. Муҳими шундаки, сиз китоб сотилган пулгагина (компьютердан чиқарилган сунъий тангалар) янги китоб сотиб олишингиз мумкин. Болалар гуруҳга бўлинган ҳолда буни амалга оширадилар.

Эрталабдан ҳамма мактабга шошади. Чунки ўқувчилар китоб байрамининг пассив иштирокчилари эмас, балки жараён бошқарувчилари сифатида намоён бўладилар. Ҳаммаси яхши китобга эга бўлиш учун бор ҳунарларини ишга солишади.

Натижада педагогик жиҳатдан жуда катта самара, албатта. Юзаки ютуқ эса яна китобга меҳр, яна китобга яқинлашиш, яна китобни байрам билан боғлаш.

Назаримда бундай осон байрамларни бизнинг ўқитувчилар ҳам синфларида амалга оширишлари мумкин. Ҳақиқаттан осон ва ҳар томонлама юқори самарага эга тадбир.

                                                            Динара Мўминова, болалар ёзувчиси

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг