Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Эрон ТИВ Украина ҳудудларининг Россияга қўшилиши борасидаги референдумга муносабат билдирди

Эрон ТИВ Украина ҳудудларининг Россияга қўшилиши борасидаги референдумга муносабат билдирди

Эрон ТИВ расмий вакили Носир Канъоний.

Эрон ташқи ишлар вазирлиги Украинанинг Луганск, Донецк, Херсон ва Запорожье вилоятлари ҳудуди Россияга қўшиб олиниши бўйича ўтказилган референдумларга муносабат билдирди.

«Эрон Ислом Республикаси ҳар доимгидек ўз принципиал нуқтаи назарига содиқ қолган ҳолда, халқаро ҳуқуқнинг фундаментал меъёри ва БМТ Низоми мақсад ҳамда тамойилларига ҳурмат ифодаси сифатида мамлакатнинг ҳудудий яхлитлиги талабига риоя этиш лозимлигини таъкидлайди», – деди ТИВ расмий вакили Носир Канъоний.

Таъкидланишича, тинчлик, барқарорлик ва осойишталик йўлида тўсиқ бўлиши мумкин бўлган ҳар қандай провокацион хатти-ҳаракатлардан тийилиш лозим.

Расмий Теҳронга кўра, АҚШ ва НАТОнинг провокациялари туфайли вужудга келган уруш олови ҳамон ловиллаб ёнмоқда. Тарангликни бартараф этиш бўйича уринишлар эса инқироз ва беқарорликнинг давом этишидан манфаатдор томонлар ҳаракати сабаби натижа бермаётир.

«Эрон Ислом Республикаси Украинадаги зиддиятни тинч йўл билан ҳал этишга қаратилган ҳар қандай саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлайди ва бу жараёнга кўмак бериш истагида собит қолади», – деди ТИВ расмий вакили.

Эслатиб ўтамиз, жорий йил 23-27 сентябрь кунлари Украинанинг Россия томонидан босиб олинган ҳудудлари – «ЛХР», «ДХР», Херсон ва Запорожье вилоятларида референдумлар ўтказилди.

30 сентябрь куни эса президент Владимир Путин мазкур ҳудудларни Россия таркибига қабул қилиш тўғрисидаги битимларни имзолади.

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг