Жаҳон банки Инновация вазирлигининг лойиҳаларига кредит линиясини очишга тайёр

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланланиш вазирлигида вазир Иброҳим Абдураҳмонов Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиёдаги молия, рақобатбардошлик ва инновация масалалари бўйича Глобал амалиёт сектори директори Альфонсо Гарсия Мора билан учрашди. Учрашувда, шунингдек, Жаҳон банкининг Марказий Осиёдаги Ҳудудий идораси бош иқтисодчиси Стефка Славова ва Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ходими Сердар Жепаров иштирок этди. Бу ҳақда Инновацион ривожланиш вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Таъкидлаш жоизки, Иброҳим Абдураҳмонов ва Алфонсо Гарсия Мора жорий йилнинг апрель ойида Братиславада учрашишган, ўша пайтлари эндигина тузилган Инновация вазирлигининг вазифалари, мақсадлари ҳақида фикр алмашишган эди. Шу боис ҳам Альфонсо хоним Тошкентга ташрифи дориасида уюштирилган учрашувларни Инновация вазирлигидан бошлаган бўлса, ажабмас.
Учрашув давомида вазир Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан амалга оширилган ишлар ҳақида гапираркан, вазирлик томонидан ишлаб чиқилган ва тез кунларда жамоатчиликка тақдим этилиши кутилаётган Ўзбекистон инновацион ривожланиш стратегияси ҳақида тўхталди.

– Маълумки, юксалишни ўзига мақсад қилиб олган ҳар қандай давлат ривожланишнинг қайси йўлидан кетишини ўзи учун аниқ белгилаб олиши керак, – деди И. Абдураҳмонов. – Дейлик, Грузия туризмни ривожлантириш, Корея иқтисодиётнинг барча соҳаларига рақамли технологияларни татбиқ қилиш орқали иқтисодий ривожланишнинг янги босқичига кўтарилган бўлса, Ўзбекистоннинг ривожланиш стратегияси инсон капиталини тараққий эттириш бўлиши лозим.
Ҳақиқатан ҳам, халқимиз меҳнаткаш, иқтидорли, изланувчан. Юртимиз аҳолисининг 65 фоизини ёшлар ташкил этишини, уларнинг ўқишга, ўрганишга иштиёқи баландландлигини инобатга олсак, Ўзбекистоннинг стратегик ривожланиш йўли ўзгача бўлиши мумкинмасдек. Фақат халқимизнинг ижодий салоҳиятини қўллаб-қувватлаш, уларнинг иқтидорларини намоён этиш ва рағбатлантириш талаб этилади. Бунинг учун таълим тизимига, илмий-тадқиқот муассасалариннинг фаолиятига жиддий ўзгартиришлар киритиш, илмий фаолиятни саноат билан боғлиқлигини кучайтириш, олимлар ва инноваторларни қўллаб-қувватлаш лозим. Демак, инновацион кластерларлар, ҳудудий инновацион марказларни ташкил этиш долзарб вазифалардан бири бўлиб қолмоқда.
Альфонсо Гарсия Мора Инновация вазирлиги томонидан қисқа фурсатлар ичида амалга оширилган ва оширилаётган ишларга ижобий баҳо бериб, Жаҳон банки республикамизнинг инновацион фаолиятини ривожлантиришга қисқа ёки узоқ муддатли заёмлар беришга тайёр эканини айтди.
Жаҳон банки томонидан бериладиган заёмларнинг шартлари ва ҳажми кейинги музокараларгача томонлар ўртасида муҳокама қилинишига келишиб олинди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter