Маъмурий жарималар миқдорини белгилашнинг аниқ механизми йўқ – Стратегик ислоҳотлар агентлиги
Стратегик ислоҳотлар агентлиги маъмурий чоралар ва уларнинг содир этилган ҳуқуқбузарликка мутаносиблигини ўрганди.
Агентликка кўра, бугунги кунда маъмурий жарималар миқдорини белгилаш механизмларининг йўқлиги содир этилган ҳуқуқбузарликка номутаносиб бўлган жарима солинишига сабаб бўлмоқда.
«Ушбу йўналиш тартибга солинмаганлиги боис манфаатдор давлат органлари томонидан жарималар миқдорини қайта кўриб чиқишга доир қонун лойиҳаларини ташаббускорлик билан ишлаб чиқиш ҳолатлари кўпайиб кетди», – деб ёзмоқда агентлик.
Ўз ўрнида, агентлик автомобил ойналарини рухсатномасиз қорайтирганлик учун назарда тутилган 8,5 млн сўмлик жарима белгиланганда, рухсатноманинг нархи 11-13 млн сўм бўлгани, бироқ бугунги кунда рухсатнома 2,7 млн сўм этиб белгиланган бўлишига қарамасдан, жарима миқдори ўзгаришсиз қолганини эслатади.
«Қозоғистонда автомобил ойнасини қорайтирганлик учун ўрнатилган жарима 468 минг сўмни, Россияда – 60 минг сўмни, Беларусда – 138 минг сўмни ташкил қилади.
Таъкидлаш жоизки, фуқароларнинг соғлиғи ва ҳаёти хавфсизлиги билан боғлиқ қоидабузарликлар автомобил ойналарини рухсатномасиз қорайтириш учун белгиланган жарималардан устуворлик жиҳатидан муҳимроқ ҳисобланади”, – дейилади расмий муносабатда.
Агентликнинг ЙТҲлар ва уларда ҳалок бўлган фуқаролар борасида келтирган рақамларига кўра, биргина 2023 йилда 9 839 та йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган, шулардан 9 209 тасида фуқаролар жабр кўрган, 2 282 таси эса одам ўлимига сабаб бўлган.
Шу боис, Агентлик фуқароларнинг соғлиғи ва ҳаёти хавфсизлигини таъминлаш мақсадида инсон ҳаёти ва соғлиғига бевосита дахлдор бўлган ЙТҲлар учун белгиланган жарималарни қайта кўриб чиқиш ва оғирлаштириш зарур (пиёдалар йўлакларида транспорт воситаларида ҳаракатланиш (170 минг сўм), пиёдалар йўлни белгиланмаган жойдан кесиб ўтиши (113 минг сўм), деб ҳисоблайди.
Маълумот учун, Германияда пиёдани ўтказиб юбормаганлик учун белгиланган жарима миқдори 1,1 млн сўм, Буюк Британияда – 1,6 млн сўм, Францияда – 1,85 млн сўм, БААда – 1,7 млн сўмни ташкил этади.
Бундан ташқари, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга маъмурий жазонинг алоҳида тури сифатида «огоҳлантириш» институтини киритиш ҳам таклиф қилинмоқда.
«Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида бир қатор мамлакатларда (Беларус, Латвия, Қозоғистон, Россия, Германия, Италия) маъмурий жазонинг алоҳида тури сифатида «огоҳлантириш» институти жорий қилинган. «Огоҳлантириш» жисмоний ва юридик шахсларнинг соғлиғи, ҳаёти ва мулкига, атроф-муҳитга зарар етказмайдиган ҳуқуқбузарликлар учун қўлланилади.
Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига (23-модда) мувофиқ маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этганлик учун 7 турдаги маъмурий жазо қўлланилиши мумкин. Бироқ маъмурий жазо тури сифатида «огоҳлантириш» қўлланилмайди», – дейилади мақолада.
Шу муносабат билан Стратегик ислоҳотлар агентлиги томонидан айримтаклифлар ишлаб чиқилди.
Жорий маъмурий жарималар миқдорини уларнинг содир этилган ҳуқуқбузарликка мутаносиблигини текшириш, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғи билан бевосита боғлиқ бўлган ҳуқуқбузарликлар учун жарима миқдорини ошириш масаласини кўриб чиқиш, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс нормаларининг коррупцияга қарши комплекс экспертизасини ўтказиш ҳамда МЖтКга маъмурий жазонинг алоҳида тури сифатида «огоҳлантириш» институтини киритиш, шулар жумласидан.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter