Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Ўзмиллийбанк» АЖ Россиядан кредит линияларини жалб этиш бўйича шартномалар имзолади

«Ўзмиллийбанк» АЖ Россиядан кредит линияларини жалб этиш бўйича шартномалар имзолади

Жорий йилнинг 25 декабр куни Москвада «Ўзмиллийбанк» АЖ делегацияси «ВЕБ.РФ» давлат тараққиёт корпорацияси ва «Росэксимбанк» АЖ раҳбарияти билан ишчи учрашув ўтказди.

Учрашувда икки томонлама ва ШҲТ ИКО доирасидаги ҳамкорлик натижалари сарҳисоб қилиниб, янги 2021 йил учун истиқболли лойиҳаларни молиялаштириш режалари ва имкониятлари муҳокама қилинди.

«ВЕБ.РФ» — «Ўзмиллийбанк» АЖ нинг стратегик шериги бўлиб, Россия Федерациясининг юқори технологик ускуналарини Ўзбекистон Республикасига етказиб беришни молиялаштириш билан боғлиқ қатор инвестиция лойиҳаларини амалга ошириб келмоқда. Шунингдек ҳамкорлик доирасида Россия саноат ва савдо вазирлиги дастури бўйича имтиёзли субсидиялаштирилган молиялаштириш амалга ошириляпти. Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантиришда Миллий банкнинг фаол иштироки ижобий натижа бермоқда.

Йиғилиш натижасида имтиёзли фоиз ставкасини ҳисобга олган ҳолда, ВЕБ.РФ ва «Росэксимбанк» АЖ билан жами 4,8 миллиард рубл миқдорида кредит линияларини очиш бўйича шартномалар имзоланди.

Жалб қилинган кредит линиялари доирасида транспорт вазирлиги ҳузуридаги автомобил йўллари давлат қўмитаси, Тошкент шаҳри ва яна 12 та шаҳар ҳокимликлари эҳтиёжи учун 581 дона замонавий йўл-махсус техникаларини сотиб олиш кўзда тутилган.

Ҳозирги кунда Ўзбекистонда шаҳарсозлик, транспорт инфратузилмасини ривожлантириш, шаҳар коммуникациялари сифатини ошириш ва йўлларнинг тегишли ҳолатига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ушбу ҳолат кредит линиясини жалб қилишнинг долзарблигини оширади. Ихтисослаштирилган йўл техникаси паркини янгилаш пойтахт ва вилоятлар марказини ободонлаштириш имконини беради.

«Росэксимбанк» АЖнинг асосий вазифаси Россия Федерацияси корхоналарининг экспорт операцияларини енгиллаштириш ҳисобланади. Миллий банк ва «Росэксимбанк» АЖ ўртасида илк марта имзоланган шартнома ушбу давлат ихтисослаштирилган ривожланиш институти билан ҳамкорликни кенгайтиришда муҳим босқичга айланади.

«ВЕБ.РФ» ва «Росэксимбанк» сингари Россиянинг йирик банклари ҳамда «Ўзмиллийбанк» АЖ ўртасидаги самарали ҳамкорлик мамлакатимиз банк тизимида янги кредит линияларини ривожлантириш ва юқори сифатли хизмат кўрсатиш имкониятини кенгайтириш бўйича олиб борилган ишнинг самарали давомидир.

Россия молия институтларининг кредит линияларини рублда жалб қилиш — Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг банклараро ассоциациясига аъзо банкларнинг ШҲТ ҳудудида миллий валюталардан фойдаланишни кенгайтириш масаласига қўшма ёндашувлар тўғрисидаги келишувларининг амалда бажарилиши ҳисобланади.

«Ўзмиллийбанк» АЖ «ВЕБ.РФ» билан биргаликда бир қатор инвестиция лойиҳаларини амалга оширмоқда, хусусан, бугунги кунга қадар, жами миқдори 275 миллион долларга тенг бўлган 6 та кредит шартномаси имзоланди. Ҳамкорлик гидроэнергетика, иссиқлик энергетикаси, транспорт ва шаҳар инфратузилмасини ривожлантиришдаги лойиҳаларни молиялаштиришга қаратилган.

Маълумот учун: «ВЕБ.РФ» — давлат ижтимоий ва иқтисодий сиёсатини амалга оширадиган миллий ривожланиш банки бўлиб, тижорат банклари билан ҳамкорликда инфратузилма, саноат, ижтимоий хизматларни ривожлантириш ва технологик салоҳиятни оширишга қаратилган йирик лойиҳаларни молиялаштиради.

«Росэксимбанк» ихтисослаштирилган давлат банки бўлиб, унинг асосий мақсади Россиянинг экспорт қилувчи компаниялари учун молиявий ресурслардан фойдаланиш имкониятини таъминлаш ва Россиянинг табиий бўлмаган экспортини оширишга кўмаклашишдир. Ҳукумат агенти сифатида банк Россия экспортини кафолатли қўллаб-қувватлаш соҳасида давлат сиёсатини олиб бориш, экспортчиларга саноат маҳсулотларини тарғиб қилишда кўмаклашиш, уларга узоқ муддатли кредит олиш имкониятини бериш ва бошқалар учун жавобгардир.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг