«Миллий Тикланиш» ва Экологик партия сайловлардаги иштирокини қўллаб-қувватловчи имзо варақаларини тақдим этди

8 сентябрь куни Марказий сайлов комиссиясида Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси ва Ўзбекистон Экологик партияси Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатилган номзодни қўллаб-қувватловчи имзо варақаларини тақдим этди.
Сиёсий партияларнинг ваколатли вакиллари Марказий сайлов комиссияси томонидан рўйхатга олинганганлиги ҳақидаги гувоҳномаларни олганидан сўнг, сайловчиларнинг имзосини тўплашга киришган эдилар.
Сиёсий партия Ўзбекистон Президентлигига кўрсатилган номзодни қўллаб-қувватлаб, жами сайловчиларнинг умумий сонидан камида бир фоизининг имзосини (тахминан 212 минг имзо) тўплаши керак.
Жорий йилги сайловлар «Сайлов кодекси»га биноан ўтказилмоқда. Кодекснинг 64-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар кўрсатиш тартиби белгиланган бўлиб, Сиёсий партиянинг раҳбари Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодни рўйхатга олишни илтимос қилиб Марказий сайлов комиссиясига ариза билан мурожаат этади. Аризага қуйидагилар илова қилинади:
- сиёсий партия юқори органининг Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод кўрсатиш тўғрисидаги қарори;
- сиёсий партия юқори органи мажлисининг Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод кўрсатиш тўғрисидаги баённомаси, унда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзоднинг фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган санаси, касби, лавозими (машғулотининг тури), иш ва яшаш жойи, партиявийлиги кўрсатилади;
- Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзоднинг ўз номзоди овозга қўйилишига рози эканлиги тўғрисидаги аризаси;
- Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатилган номзодни қўллаб-қувватловчи имзо варақалари.
Сиёсий партия томонидан тақдим этилган имзо варақаларида Ўзбекистон Республикаси жами сайловчилари умумий сонининг камида бир фоизининг имзоси бўлиши керак.
Бунда сиёсий партия битта маъмурий-ҳудудий тузилмада (Қорақалпоғистон Республикаси, вилоят, Тошкент шаҳри) имзолар умумий сонининг кўпи билан саккиз фоизини тўплаши мумкин.
Сайловчиларнинг имзосини тўплаш иш, хизмат, ўқиш, яшаш жойида, сайловолди тадбирларида, шунингдек ташвиқот юритиш ва имзо тўплаш қонун билан тақиқланмаган бошқа жойларда амалга оширилади. Имзо тўплаётган шахс томонидан сайловчиларни мажбурлаш ва ўзига оғдириб олишнинг ҳар қандай шакли қонунда белгиланган жавобгарликка сабаб бўлади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter